Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
2025-06-23 16:50:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда фуқаролар билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлатимиз сиёсатида устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Айниқса, ички ишлар органлари фаолиятида жамоатчилик кенгашлари нафақат назоратчи, балки конструктив таклифлар берувчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ҳамкор сифатида ўзини намоён этмоқда.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида 29 нафар жамиятимизнинг зиёлилари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этмоқдалар. Улар орасида таниқли ҳуқуқшунослар, журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари, ёшлар вакиллари ҳам бор. Бу таркиб кенгаш фаолиятининг кўп қирралилигини таъминлаб, қарорларни қабул қилиш жараёнида турли ижтимоий қатламлар манфаатларини инобатга олишга имкон бермоқда.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Жамоатчилик кенгаши аъзолари, вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик кенгаши раиси Ёдгор Саъдиев очиб берди ҳамда кенгашнинг янгиланган таркиби билан йиғилганларни таништирди.
Шундан сўнг, Ички ишлар вазири генерал-майор Азиз Ташпўлатовнинг ҳисоботи тингланди. Унда ички ишлар органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда тизимнинг имижини ошириш борасида бажарилаётган ишлар, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш жараёнлари, соҳада коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Ушбу жараёнда хизматларни рақамлаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда назорат ва ҳисобдорлик механизмларини кучайтириш йўналишларининг самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этиш механизмлари ишлаб чиқилаётганлиги таъкидланди.
Тадбир давомида ИИВ Ахборот хизмати фаолияти ҳақида ҳисобот видеоролиги намойиш этилди.
Шунингдек, йиғилишда Кенгаш аъзолари сўзга чиқиб, ички ишлар органлари фаолиятини барқарор ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари ва эътирозларини ўз вақтида ҳал этиш орқали тизим имижини ошириш борасида таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Келгусида узвий ҳамкорликни давом эттириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида ички ишлар органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасидаги самарали меҳнати ҳамда «27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан Жамоатчилик кенгашининг алоҳида фаол аъзоларига Ички ишлар вазирлиги номидан ташаккур эълон қилинди.