Видеорепортаж: Ёзги таътил болажонлар учун унутилмас бўлади — Жиззахда оромгоҳлар мавсумга шай
2025-05-23 09:00:00 / Янгиликлар

Вилоятда 9 та стационар оромгоҳларда 5665 нафар ҳамда мактаблар қошидаги 92 та кундузги соғломлаштириш майдончиларда 5525 нафар болажонларни мароқли дам олиши режалаштирилган.
Бугунги кунда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан мавсумга тайёргарлик кўрилиши борасида кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, департамент тасарруфидаги барча оромгоҳларни малакали педагогик жамоа билан таъминлаш борасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Март ойи бошиданоқ Республика департаменти томонидан тасарруфдаги барча оромгоҳларда катта тарбиячи ҳамда етакчи лавозимида ишлашни хоҳловчилар билан учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, маҳорати юқори номзодлар танлаб олинди.
Ёзги дам олиш мавсумини юқори савияда ўтказиш мақсадида 2025-йил 9 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29-сонли байони қабул қилинди. Мазкур байоннинг 1-иловасига мувофиқ 12 кунлик намунавий дастур тасдиқланди. Мазкур дастур оромгоҳлардаги болаларнинг турли маънавий-маърифий тадбирлар, тўгараклар ва спорт машғулотлари орқали ҳар бир дақиқасини унунилмас ва таассуротларга бой тарзда ўтишида муҳим дастур-ул амал бўлди, десак адашмаймиз.
Жорий йил 20 май куни Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан Зомин туманидаги “Зомин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ушбу 12 кунлик намунавий дастурнинг мазмун-мохияти ва амалга ошириш механизмларини очиб беришга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди.
Бундан ташқари, болалар учун мавсумни унунилмас тарзда ўтишида оромгоҳларни таъмирланиши, моддий-техника базасини янада шакллантирилиши, тозалиги ва ободлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шу мақсадда, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги 3 та оромгоҳда жорий таъмирлаш ишлари бўйича пудратчи ташкилотлар ўртасида тендерлар ўтказилиб, ғолиб пудратчилар аниқланди ҳамда апрель ойидан жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Қолаверса, Зомин туманидаги “Зомин”, “Зомин санрайз”, Ғаллаорол туманидаги “Камолот”, Фориш туманидаги “Жилгача”, “Зангори олов” ҳамда “Коинот” оромгоҳларини мавсумга ҳозирлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда вилоятимиздаги барча оромгоҳлар тайёргарлик ишлари якунланиб, мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтирилади.
Шу билан биргаликда, болаларнинг мароқли дам олишларини ташкил этиш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Дам олиш, овқатланиш, ювиниш ва машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган хоналар, спорт майдончалари барча зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ёзги дам олиш мавсуми бошланишига ҳам кўп вақт қолмади. Кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ёзги мавсум юқори савияда ўтишига ҳеч шубҳа йўқ.