Видеорепортаж:Жиззах вилоятида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари тантанали нишонланди
2025-05-24 18:55:00 / Янгиликлар

Бу байрам нафақат битирувчилар учун, балки бутун жамоатчилик учун муҳим ва хотирасиз воқеа сифатида ўтмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам мазкур тадбир юксак руҳда, тантанали равишда нишонланди. Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” маросимида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб битирувчиларига йўллаган самимий ва руҳий-маънавий тарбияга бой табриги ҳам ўқиб эшиттирилди. Мазкур табрик Улуғбек Мустафоев томонидан вилоятдаги барча 560 та умумтаълим мактаб битирувчиларига онлайн тарзда етказилди.
Тантанали тадбир давомида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев битирувчиларни янги ҳаёт босқичига қадам қўйишлари билан табриклаб, уларга келажакда муваффақият, тинчлик ва омад тилади. Шунингдек, у таълим соҳасидаги ислоҳотлар, яратилган шароитлар ва имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Вилоят бўйича умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида вилоят ва туман раҳбарлари, жамоат арбоблари, илм-фан ва маданият вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, кекса муаллимлар ва битирувчиларнинг ота-оналари фаол қатнашди. Улар ҳам ўз навбатида битирувчи ўқувчиларга фахр ва умид билан тилаклар билдиришди.
2024/2025 ўқув йилида Жиззах вилояти бўйича жами 18 210 нафар ўқувчи умумий ўрта таълимни муваффақиятли якунлади. Айтиш жоизки, бу йилнинг ўзидаёқ 1 828 нафар битирувчи олий таълим муассасаларига муддатидан олдин талабаликка тавсия этилди. Бу эса вилоятдаги таълим сифати, ўқитувчилар меҳнати ва ўқувчиларнинг билимга бўлган интилиши самараси сифатида баҳоланмоқда.
Тадбирнинг бадиий қисмида ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастури, шеърий чиқишлар, куй ва рақслар намоён этилди. Айниқса, битирувчи синф ўқувчиларининг устозларга бағишланган самимий табриклари ва илиқ сўзлари йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди.
Тадбирнинг ҳар бир лаҳзаси хотираларга муҳрланарли бўлди. Ҳозирги кунда мустақил ҳаёт остонасида турган ёшлар учун ушбу тадбир илк катта қадамнинг бошланишидек ҳис этилди.
Жиззахдаги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари нафaқат ёш авлоднинг келажакка бўлган ишончи, балки давлатимиз томонидан таълимга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.