Видеорепортаж: Ишонч ва ҳамкорлик меваси: Арнасойдаги инвестиция лойиҳалари
2025-07-03 09:45:00 / Янгиликлар

Аниқ мақсад ва қатъий ирода билан туман ҳокими томонидан бошланган лойиҳалар, хусусан, ташландиқ ерларни ўзлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар нафақат иқтисодий самара, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунинг яққол мисоли сифатида, Бухоро СИУ ҳудудидаги ташландиқ ерларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида Хитойнинг нуфузли Bashiran Co., Ltd компанияси жалб этилди.
Жорий йилнинг апрел ойида туман ҳокими Одил Мусанов ушбу компания вакилларига Бухоро СИУдаги ерлар кўрсатиб, ушбу ерларнинг унумдорлиги юқори бўлса-да, қаровсиз қолгани натижасида ўт босиб кетганини таъкидлади. Ушбу ташриф натижасида хитойлик инвесторлар ерларни ўзлаштиришга қарор қилишди ва бугун бу қарор ўз самарасини кўрсатмоқда.
Биринчи қадамни қўйганлар ғалабага яқин бўлади, дейишади. Bashiran Co., Ltd ана шундай илк қадамни қўйган инвесторлардан бири сифатида туманда қишлоқ хўжалиги фойдаланишдан чиқиб кетган 1400 гектар ер майдонига аукцион орқали эгалик хуқуқини олди. Шундан сўнг Хитойнинг замонавий техникалари орқали ўт босган, ҳаддан ташқари қаттиқ ерлар шудгор қилиниб, замонавий дискалаш ускуналари ёрдамида майдаланиб, экишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Жорий йил май ойининг учунчи ўн кунлигида Bashiran Co., Ltd компанияси томонидан тайёрланган 500 гектар ерларга замонавий чигит экиш селкалари орқали 76х10 схемада хитой чигитлари экилиб, энг асосийси – чигит қатор ораларига томчилаб суғориш ускуналари ҳам ўрнатилди. Ҳозирда ушбу экилган майдонларда томчилатиб суғориш ишлари олиб борилмоқда. Бу нафақат сув тежамлилигини таъминлайди, балки юқори ҳосилдорликни ҳам кафолатлайди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиққан ерларнинг қолган жойлари ҳам ҳозирда ишлов берилиб, тажриба тариқасида ушбу ерларга ҳамда ғалладан бўшаган ерларга 90 кунлик хитой чигитлари экилмоқда.
Bashiran Co., Ltd компаниясининг Арнасойдаги фаолияти фақат қишлоқ хўжалиги билан чекланиб қолмаяпти. Компания маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда ишга қабул қилинган ходимларга 4,5 миллион сўмдан 7 миллион сўмгача ойлик маош белгилангани бўлиб, солиқ тўловлари орқали давлат бюджетига ҳам ҳисса қўшилмоқда. Ҳозирда ишчи кучи янада кенгайтириш мақсадида ишга қабул жараёнлари давом этмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, туман ҳокими Одил Мусановнинг ташаббуси билан йўлга қўйилган қишлоқ хўжалиги лойиҳалари бугун ўзининг илк самараларини бермоқда. Бир пайтлар ташландиқ ҳолатда бўлган ерлар бугун пахта далаларига айланяпти. Бу ўзгаришлар ортидаги асосий омил – инвесторларга яратилган қулай шарт-шароит ва ишончли ҳамкорликдир.
Арнасой туманида амалга оширилаётган бундай ишларнинг янада кўпайиши, шубҳасиз, туман иқтисодиётининг ривожига, янги иш ўринларининг яратилишига ва аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади. Чунки иқтисодий тараққиётнинг асосий калити – инвестиция жозибадорлигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдир.