#биласизми?
2025-04-07 13:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ҳукумат даражасида муҳофаза қилиниб, махсус қонун-қоидалар асосида давлат кадастрига киритилади. Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 29 июлдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 269 сонли қарори асосида амалга оширилади. Бугун #биласизми рукни орқали маданий мерос объектларини давлат кадастрига киритиш босқичлари ва унинг аҳамияти ҳақида маълумот берамиз.
Маданий мерос объектларини давлат кадастрига киритишда аввало ҳудудий маданий мерос бошқармалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган таклифларни кўриб чиқади. Шу асосида объектнинг давлат кадастрига киритиш бўйича зарурий маълумотлар тўпланади ва Маданий мерос агентлигига юборилади.
Ҳудудий бошқармалар томонидан юборилган таклифлар тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилади. Кенгаш эса объектнинг маданий аҳамиятини ўрганиб чиққан ҳолда давлат кадастрига киритиш бўйича хулоса беради. Берилган хулосага мувофиқ Маданий мерос агентлиги директорининг буйруғи расмийлаштирилиб, тасдиқланади.
Илмий-эксперт кенгашининг хулосаси ва Маданий мерос агентлиги директорининг буйруғига асосан объектни Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги" 269 II сон Қонунининг 12 моддасига асосан тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ёки номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган кундан эътиборан мазкур объектлар аниқланган маданий мерос объектлари жумласига киритилади. Археология ёдгорликлари эса топилган пайтидан эътиборан аниқланган моддий маданий мерос объектлари жумласига киритилади. Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган янги аниқланган моддий маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши тўғрисидаги масала ҳал қилингунгача ушбу Қонун талабларига мувофиқ муҳофаза қилиниши керак.
Маданий мерос объектларини давлат кадастрига киритиш жараёни уларнинг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, реставрация қилиш ва авлодларга етказиш учун муҳим қадамлардан биридир. Ушбу тартибга риоя қилиш орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодларга етказишга эришамиз.