Илмий-эксперт кенгаши “Ҳазрати Имом” (Ҳастимом) мажмуаси ва бошқа объектларга оид реставрация лойиҳаларини маъқуллади
2025-04-15 10:50:00 / Янгиликлар

2025 йил 9 апрель куни Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Унда “Ҳазрати Имом” (Ҳастимом) мажмуасига кирувчи бир қатор тарихий объектларга оид таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари кўриб чиқилди.
Жумладан, Зарқайнар кўчасида жойлашган “Абу Бакр Каффол Шоший” мақбараси, “Бароқхон” ва “Мўйи Муборак” мадрасалари, “Намозгоҳ” ва “Тиллашайх” масжидлари бўйича тақдим этилган реставрация лойиҳалари Кенгаш аъзолари томонидан пухта кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланди. Лойиҳаларда ёдгорликларга зиён етказилмаслиги кафолатланиши ва девор таги тўшамаси махсус оби ғишт — 250×250×50 ўлчамдаги хумдонда пиширилган мусулмон ғиштидан фойдаланиш шарти билан тасдиқланди.
Мазкур ишлар бўйича ижро ва назорат Маданий мерос агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва “Маданий мерос илмий-тадқиқот институти” давлат муассасасига юклатилди.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги “Қизилтепа тарихий музейи”ни таъмирлаш ва Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган “Манак ота зиёратгоҳи”да мақбара ҳамда ёрдамчи бинолар қуриш лойиҳалари ҳам Кенгаш томонидан маъқулланди.
Тасдиқланган лойиҳалар бўйича батафсил маълумотлар билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайтида танишишингиз мумкин.