#Расмий_муносабат
2025-04-24 11:15:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда “Маданий мерос масканларининг эгаси борми?” сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан Маданий мерос агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ҳолат жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Қуйидагиларни маълум қиламиз.
Бобораҳим Машраб ҳайкали
1981 йилда Бобораҳим Машраб таваллуди муносабати билан Наманган шаҳрида барпо этилган ушбу ҳайкал 2019 йил 4 октабрдаги 846-сонли ҳукумат қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Хабарда аллома ҳаётига оид музей мавжуд эмаслиги айтилган бўлиб, Маданий мерос агентлиги тизимида Бобораҳим Машрабга оид музей ташкил этилмаганини маълум қиламиз.
“Олтин мерос” биноси ҳақида
Хабарда “Олтин мерос” биноси ҳудуди ички ишлар ходимлари томонидан эгаллангани билдирилган. Айни пайтда “Қодирхўжа Эшон уйи” архитектура ёдгорлиги – 2019 йилда миллий рўйхатга киритилиб, давлат муҳофазасига олинган. 1996 йилдан бери ушбу ёдгорликда “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими фаолият юритиб келмоқда. Бинодаги барча тарихий экспонатлар фонд балансига тегишли. Дераза ойналари 2025 йил 17 апрель куни фонд раҳбарияти томонидан янгиланган. Ёдгорлик олдида хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ички ишлар бошқармасининг назорат бўлими жойлаштирилган.
Машраб кинотеатри ҳақида
Маълум қилинишича, Машраб кинотеатри 2019 йилда қабул қилинган 846 сонли қарорга мувофиқ миллий маданий мерос обидалари рўйхатига киритилмаган. Шу боис, бино ҳозирда Маданий мерос агентлиги муҳофазасида эмас.
“Мулла Қирғиз” мадрасаси ҳужралари
Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги “Мулла Қирғиз” мадрасасининг бўш турган ҳужралари 2019 йил 18 октабрдаги 881 сонли қарорга асосан у 2024 йил “E-auksion” савдо платформаси орқали Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази томонидан хусусий тадбиркорга “Маданий мерос объектларида савдо хизматини кўрсатиш (эсдалик буюмлари, совғалар, ҳунармандчилик маҳсулотлари)” учун ижарага берилган.
Мурожаатлар учун алоқа рақами ҳақида
Хабарда мурожаатлар учун телефон рақами ишламаслиги айтилган. Шуни маълум қиламизки, Маданий мерос агентлигининг ягона ишонч телефони – +998712000118 – мунтазам равишда фаолият юритиб келмоқда.