#расмий_муносабат
2025-04-24 17:10:00 / Янгиликлар

Оммавий ахборот воситаларининг бирида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида жойлашган “Қутайба ибн Муслим” зиёратгоҳида ташриф буюрувчилар учун етарли шароит яратиб берилмагани ҳақидаги лавҳа эфирга узатилди. Маданий мерос агентлиги Андижон вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Андижон вилоятининг диққатга сазовор масканлари қаторида турувчи мазкур зиёратгоҳда Маданий мерос агентлиги ва Жалақудуқ тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 2022 йилдан буён ёдгорликда ташриф буюрувчи меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Хусусан, зиёратгоҳ ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди, ёдгорликка олиб борувчи йўлакларга чорқирра ва мармар тошлар ётқизилди, мақбара биноси қайтадан бунёд этилганини маълум қиламиз. Объектда олиб борилаётган қурилиш ишлари 2025 йил якунига қадар якунланиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда Маданий мерос агентлиги томонидан соҳада кўплаб амалий ишлар бажарилмоқда. Шунга қарамай, мукаммал ўрганилмаган хабарларнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилиши тизимда амалга оширилаётган ижобий ишларга соя солган ҳолда кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Маданий мерос агентлиги оммавий ахборот воситаларига маълумотлар ва фактларни атрофлича ўргангандан сўнггина оммага тақдим этишларини сўрайди.
Маълумот учун, тахминан 660−715 йилларда қурилган “Қутайба ибн Муслим” зиёратгоҳи 2019 йил 4 октабрдаги 846 сонли ҳукумат қарори асосида Маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.