XV асрга оид “Лангар ота” масжиди АҚШ гранти кўмагида реставрация қилинди
2025-06-05 15:30:00 / Янгиликлар

2025 йилнинг 4 июн куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жойлашган XV асрга оид “Лангар ота” масжидининг қайта тиклашдан кейинги илк очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жонатан Ҳеник, вилоятнинг қатор мутасадди раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Мамлакатимизнинг маданияти ва эътиқоди сарчасмаларига мансуб ёдгорликларидан бири ҳисобланган тарихий “Лангар ота” масжиди АҚШ Элчилари Маданий мерос муҳофазаси жамғармаси (AFCP) томонидан ажратилган 250 минг АҚШ долларга тенг таъмирлаш лойиҳаси натижасида қайта тикланди ва фойдаланишга топширилди. Тадбирда сўз олганлар мазкур ёдгорлик яна бир неча асрлар давомида маҳаллий аҳоли вакиллари ва сайёҳлар учун табаррук маскан сифатида эътироф этилишини таъкидладилар.
“Маданий мерос объектларини қайта тиклаш ва асраб-авайлаш борасида АҚШ ҳукумати ва Элчи жаноблари билан ҳамкорликда қатор хайрли ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Бундан ташқари бир неча йиллардан бери уста реставраторларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ҳамкорликда қатор амалий маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Иккала мамлакат ўртасидаги маданий меросни ҳимоя қилиш йўналишидаги ҳамкорлик муносабатларини келгусида ҳам янада мустаҳкамлаган ҳолда ривожлантириб борамиз”, — дея таъкидлади Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов ўз нутқида.
2023-йилнинг куз ойларида бошланган реставрация лойиҳаси мажмуанинг такрорланмас кошинларини аслидай янгилаш ва масжиднинг нураб қолган том қисмини ўзгартириш ишларини ўз ичига олди. Шунингдек, америкалик дипломат ўз баёнотида Ўзбекистоннинг ажойиб ва бетакрор маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга бўлганидан мамнун эканлигини қайд этди. Тадбир иштирокчилари қайта тикланган масжидни кўздан кечиришди ва “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонасига ташриф буюриб, бир қанча маданий мерос объектларини томоша қилишди.
Маълумот учун, АҚШ Элчилари маданий мерос муҳофазаси жамғармаси 2001-йилда АҚШ Конгресси томонидан таъсис этилган. АҚШ Давлат департаменти томонидан бошқариладиган (AFCP) жамғармаси бутун дунё бўйлаб тарихий объектлар, қўлёзмалар ва маданий анъаналарни сақлашни қўллаб-қувватлаб келади. Ўзбекистонда АҚШ ҳукумати ҳозиргача умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларга тенг бўлган 15 та лойиҳани молиялаштирган.