Маданий меросни асрашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди
2025-06-05 18:00:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан Жиззах вилояти, Бахмал тумани, “Музбулоқ” МФЙ ҳудудида жойлашган “Тошбулоқ” ҳамда “Тўғонбулоқ” археологик ёдгорликларини республика аҳамиятидаги археологик ёдгорлик сифатида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритиш таклифи маъқулланди. Эндиликда Агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрдаги 846 сон қарорига қўшимча ва ўзгартириш киритиш учун ўрнатилган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. 120 га яқин лойиҳа кўриб чиқилган мажлисда Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, “Олмазор” МФЙ, Хазара қишлоғи ҳудудида жойлашган “Соқи Мавлон ота” мақбарасини тарихий ва табиий ландшафт кўринишини сақлаган ҳолда комплекс зиёратгоҳга айлантириш таклифи ҳам ижобий ҳал қилинди.
Тарихий обидаларни асраш, унинг тарихий ва эстетик қадр қимматини сақлаш Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг устувор вазифаси ҳисобланади. Шу сабабдан, Наманган вилояти, Поп тумани, “Тошқўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ғурумсарой” (“Холматбой”) масжиди ҳудудида янги масжид барпо этиш, Андижон вилояти, Балиқчи тумани, “Каттабулоқ” МФЙда жойлашган “Ҳотамхон тўра” масжиди архитектура ёдгорлигида мавжуд хонақо қисмида қўшимча бино қуриш каби лойиҳалар ўзининг ҳайбати билан маданий мерос объектларининг ташқи кўринишини беркитиб қўяётганлиги сабабли рад этилди. Умумий ҳисобда Бухоро, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари бўйича 11 та лойиҳа тарихий ёдгорликларнинг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, Кенгаш томонидан берилган тавсиялар тўлиқ бажарилмаганлиги боис тасдиқдан ўтмади.
Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши — мамлакатимиздаги тарихий, археологик ва меъморий обидаларни асраш, уларнинг асл ҳолатини сақлаб қолиш ҳамда маданий меросни келажак авлодларга етказиш борасида муҳим илмий ва амалий қарорлар қилади. Кенгаш фаолияти орқали тарихий ёдгорликлар тўғрисида асосли ва пухта ўрганилган таклифлар илгари сурилади, уларни сақлашга тўсқинлик қилувчи номақбул лойиҳаларга йўл қўйилмайди. Бу эса миллий меросимизни асраш ва уни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.
Илмий-эксперт кенгашининг қарори билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайти орқали танишишингиз мумкин.