Темир йўл транспортини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро анжуман
2025-04-17 15:00:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида барча транспорт турларини ягона тизимга бирлаштирган ҳолда ривожлантириш, йирик шаҳарлар ўртасида мунтазам транспорт қатновларини йўлга қўйиш, темир йўл инфратузилмасини электрлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш, логистика хизматлари бозорини кенгайтириш ва автомобиль йўллари тармоғини замонавийлаштириш каби аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур стратегик йўналишлар доирасида 2025 йил 16–19 апрель кунлари Тошкент давлат транспорт университетида “Темир йўл ҳаракатланувчи таркиби: муаммолар, ечимлар, истиқболлар” мавзусида IV халқаро илмий-техник анжумани бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли анжуманда 15 дан ортиқ хорижий давлатлардан 35 дан зиёд ишлаб чиқарувчи корхоналар, олий таълим муассасалари ва илмий марказлар вакиллари, жами 100 га яқин соҳа мутахассислари ва етук олимлар қатнашмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари, йирик темир йўл компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари ва университетларидан 100 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар иштирок этмоқда.
Анжуманнинг асосий мақсади:
-
Темир йўл ҳаракатланувчи таркибини замон талаблари асосида лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва сервис хизматларини ривожлантириш;
-
Юк ва йўловчи вагонлари техник кўрсаткичларини такомиллаштириш, юк кўтариш қувватини ошириш;
-
Йўловчи вагонларининг интерьер ва экстерер дизайнида миллий элементлардан фойдаланган ҳолда эстетик ва қулай муҳит яратиш;
-
Тан нархни оптималлаштириш ва рақобатбардош хизматлар кўрсатиш орқали йўловчилар учун қулайликларни ошириш.
Анжуман давомида иштирокчилар темир йўл транспортининг замонавий ечимлари, смарт-технологияларнинг жорий этилиши, рақамлаштириш жараёнлари, экологик хавфсизлик каби долзарб йўналишлар бўйича ўз илмий ишланмаларини тақдим этмоқдалар. Маърузалар, панель муҳокамалари, техник кўргазмалар ва илмий алмашинувлар асосида ўтадиган ушбу тўрт кунлик анжуман, соҳага доир илғор ғоялар ва истиқболли таклифлар учун самарали майдон бўлмоқда.