“Конституция-эркин ва фаровон ҳаётимиз гарови”
2024-12-06 14:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум!
Ҳурматли маросим иштирокчилари!
Бугун биз мамлакатимиз Бош қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллигини кенг нишонлаш арафасида турибмиз.
Ўтган давр мобайнида Давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилган Бош қомусимиз ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари билан давр талабига мувофиқ такомиллаштирилди. Зеро, жамиятимиз бугун тараққиётнинг янги босқичига кўтарилдики, бу Бош қомусимизни тубдан ислоҳ қилишни тақозо қилди.
Ушбу зарурият самараси ўлароқ, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган Референдумда халқимиз бу сиёсий воқеаликка фаол фуқаролик позициясини намоён этиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинган эди.
Ҳурматли Юртбошимиз эътирофлари билан айтганда, жорий йилнинг 27 октябрь куни мамлакатимизда Парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайлов янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди.
Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги ва киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало "инсон қадри учун" деган тамойилга асосланганлиги билан аввалги таҳрирдаги Конституцияга нисбатан муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди.
Янгиланган Конституциямизда илгари амал қилиб келган “давлат–жамият–инсон” тамойили “инсон–жамият–давлат” деб ўзгартирилиб, энг аввало инсон манфаати ҳар нарсадан устуворлиги қатъий белгилаб қўйилди.
Янги қабул қилинган Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилингани давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробар, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилди.
Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга оширилди.
Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланди. Унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравар оширилди.
Шу билан бирга, миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатимизда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар билан бойитилди.
Очиқлик сиёсатини давом эттириш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантириш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Шунингдек, бугунги куннинг энг долзарб муаммолардан бири – экология, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш ва бугунги кун талабларига мослаштириш масалаларига алоҳида ўрин берилди.
Жумладан,
Таълим, илм-фан ва ижтимоий ҳимоя соҳаларда фуқаролар манфаатлари, имтиёз ва кафолатлар кучайтирилди.
Бош қомусимизда оила, болалар ва ёшлар, ота-оналар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат бюджетини шакллантириш ва уни ижро этиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланди.
Конституциямизнинг юқоридаги ва бошқа кўплаб моддалари билан белгиланган кафолатлар вилоятимизда ҳам иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда намоён бўлмоқда.
Ҳурматли Президентимиз томонидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсатлари натижасида сўнгги беш йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,0 баробарга ошди.
Аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичи 11,5 млн.сўмдан
21,5 млн.сўмга етказилди. Тадбиркорлик субъектлари сони 18 мингтадан
37 мингтага, бунда йирик субъектлар
65 тадан 139 тага кўпайди.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда олдимизга қуйилган энг муҳим масала – бу аҳоли даромадини ошириш орқали камбағалликни, ишсизликни ва миграциясини қисқартиришдир. 2022 йилда вилоятимизда 104,5 минг нафар камбағал оилалар мавжуд бўлиб, камбағаллик даражаси 15,7 фоизни ташкил этган эди.
Маҳаллага тушиб, ҳар бир оилалар билан алоҳида индивидуал ишлаб, уларнинг даромадларини ошириш орқали камбағал оилалар сонини 48,5 минг нафарга ёки камбағаллик даражасини
7,8 фоизга туширилди.
Сўнги беш йилда 175 минг нафар меҳнатга лаёқатли ёшларимиз илк бора меҳнат бозорига кириб келди.
Амалга оширилган ишлар ҳисобига ишсизлик даражасини 2020 йилдаги
10,6 фоиздан 2024 йил якуни билан
5,2 фоизга, ишсизлар сонини 110 минг нафардан 51,2 минг нафарга тушириш кутилмоқда.
Вилоятимизнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. 2020 йил жами 364,9 млн. доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, 2024 йил 9 ойи якуни билан 1,6 млрд. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Жорий йил якуни билан қўшимча захираларни ишга солган ҳолда 3 млрд. доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.
Бугун шуни мамнуният билан таъкидламоқчиман: аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган кичик саноат зоналари “Наманган тажрибаси” сифатида тўлиқ ўзини оқламоқда.
Ўз навбатида аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилди.
Ҳудудларда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 7 160 та объектда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига 8,6 трлн сўм йўналтирилди.
Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 66,5 фоиздан 84,9 фоизга етказилди.
Уй-жой таъминоти соҳасида 14 721 та хонадондан иборат 404 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида вилоятда жами 103 та мактабгача таълим муассасаси таъмирланди, 33 та янги қурилди ҳамда 2514 та янги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар.
Конституциямизни қабул қилиш жараёнида халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, халқчил қабул қилинганини бугун жаҳон ҳамжамияти кенг эътироф этиб келмоқда.
Шу билан бирга, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан айнан Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилингани, бежиз эмас.
Бунинг натижасида, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий манзараси тубдан ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.
Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда. Айниқса, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чет элларда ҳам таъминлаш бўйича бошланган ишларимиз хорижда яшаётган юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган меҳри ва ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлигини таъминланиши билан бевосита боғлиқ.
Шу боисдан, қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат ҳам Конституциямизда белгиланган нормалар асосида ишлаб чиқилади ва амалиётга тадбиқ этилади.
Конституциямиз асосида қабул қилинаётган қарорларимиз халқимиз оғирини енгил қилишда, умуман олганда, инсон қадр-қимматини юксак поғонага чиқаришда муҳим қадамлар қўйилишига омил бўлмоқда.
“Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, инсон учун” тамойили “Инсон қадри” деган юксак тушунча билан янада кучайтирилди.
Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.
Сизларни, бутун халқимизни қутлуғ айём – Конституциямизнинг 32 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.