Инсон азиз, хотира муқаддас:
2025-05-09 12:35:00 / Янгиликлар

9 май – Хотира ва қадрлаш куни! Наманган вилояти марказидаги “Хотира хиёбони” ҳар қачонгиданда гавжум.
Майдонга кириш қисми, “Мотамсаро она” ҳайкали олдида фахрий қоровул жойлашган. Наманган ҳарбий горнизони таркибидаги ҳарбий қисмлар аскарлари саф тортган. Вилоятдаги ҳуқуқни мухофаза этувчи идоралар раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, бир сўз билан айтганда кенг жамоатчилик вакиллари қўлларида гулу гулчамбарлар билан тўпланган.
Йиғилганлар қалбида ғурур-ифтихор, бугунги дориломон кунларга шукроналик ҳисси жўш урмоқда. Қалбларни ажиб бир салобатли ҳаяжон чулғайди.
Соат миллари 9:00 ни кўрсатганда майдонга Наманган вилояти ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Шавкатжон Абдураззоқов кириб келди.
Наманган ҳарбий горнизони бошлиғи ҳарбийча ҳурмат билан вилоят раҳбарини қарши олиб, тантанали гул қўйиш маросимига тайёрлиги ҳақида ахборот берди.
Давлатимиз мадҳияси ижро этилганидан сўнг марҳумлар ҳурмати учун бир дақиқалик сукут сақланди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бошқармалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ва ёшлар жамоалари томонидан ҳарбий оркестр садолари остида хиёбонда жойлашган “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Тинчлик учун курашиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирилди.
Маълумот учун: иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидан фронтга отланган 67 минг 833 кишидан 3 803 нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган, 15 мингдан ортиғи фронтда бедарак йўқолган.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳалла ва гузарларида давом этмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.