Халқаро молия корпорацияси вакиллари билан давлат-хусусий шериклик дастурларини ривожлантириш юзасидан муҳокамалар ўтказилди
2024-10-25 09:35:00 / Янгиликлар
Учрашувда ХМКнинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Афғонистон ва Покистон бўйича минтақавий вице-президенти Ҳела Шейхруху, Марказий Осиё ва Туркия бўйича минтақавий директор Вибке Шломер, Давлат-хусусий шериклик бўйича директор Линда Рудо Муненгетерва ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот дастурлари, жумладан, давлат-хусусий шериклик дастурлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, ДХШ соҳасини ривожлантириш мақсадида шакллантирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти, хусусийлаштириш ва трансформация жараёнлари, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда ушбу соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Хусусан, ДХШ йўналишида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳамда ушбу қарор истиқболда ДХШ йўналишини янги босқичга олиб чиқишда навбатдаги улкан қадам бўлганлиги алоҳида таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар юқорида қайд этилган йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.