Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби билан учрашув бўлиб ўтди
2024-10-28 13:50:00 / Янгиликлар
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Садуллаев, Транспорт, алоқа, туризм ва коммунал-хўжалик соҳалари иқтисодиёти, молия ва нарх сиёсати департаменти директори Зафар Астанов ҳамда Халқаро муносабатлар департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Маткаримов иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ва уларнинг натижалари, хусусан, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо, транспорт ва туризм бўйича кенг ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда келгусидаги режалар бўйича муҳокамалар ўтказди.
Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) – 1985 йилда Теҳронда ташкил этилган минтақавий давлатлараро ташкилот ҳисобланади. Ҳозирги кунда ИҲТ аъзолари 10 та давлатдан иборат: Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон.
Шунингдек, суҳбатда томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сўнги йилларда иқтисодиётда эришилган натижалар ва 2025–2030 йилларга белгиланган режалар ҳамда ИҲТ мамлакатлари ҳудудида транспорт коридорларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга келишиб олдилар.