Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
2024-11-08 17:40:00 / Янгиликлар
Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д.Генджиев, Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Шоимзода иштирок этди ва сўзга чиқди.
Шунингдек, йиғилишда комиссия ижро этувчи органлари ҳисобланган “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, Илмий-ахборот маркази ва котибияти раҳбарлари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитаси раиси ва бошқа экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев ўз маърузасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, Давлатимиз раҳбарининг сув муаммосини ҳал қилишда минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олиш бўйича илгари сурган ташаббуслари, уларнинг самараси ҳақида сўз юритди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг оқилона олиб бораётган сиёсати натижасида сув хўжалиги соҳасида алоқаларнинг мутлақо янги муҳити шакллангани, бу эса мулоқот, самарали муроса ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишга асосланган конструктив муносабатларни ўрнатиш имконини бераётганлиги, дўстона ва ишончли муносабатлар трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратаётганлиги эътироф этилди.
Йиғилишда минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи Давлат раҳбарларининг саммитларида белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги ҳисоботлар эшитилди ҳамда кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзаларида 2024‑2025 йил вегетация мавсумлари оралиғида давлатларнинг сув олиш лимитлари тасдиқланди ҳамда “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмаларининг сув омборлари каскадларининг прогноз ишлаш режими бўйича таклифлари маълумот учун қабул қилинди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси раисининг ҳисоботи эшитилди, шу билан бирга, 2024 йил 12‑13 декабрда жамғарманинг ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ҳамда фаолиятини кучайтириш бўйича ишчи гуруҳининг 13-йиғилишини ўтказиш таклифи берилди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 88-йиғилишини Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида ўтказишга келишилди.
Йиғилиш якунида тегишли баённома имзоланди.