Қувайт Давлати делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-11-22 10:00:00 / Янгиликлар
Учрашувда Қувайт делегацияси таркибида мазкур давлатнинг Тошкентдаги элчихонаси вакили Холид ал-Мутайрат, шунингдек, Қувайт Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қувайт инвестиция бошқармаси ҳамда Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон томонидан муҳокамада Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Каршибаев, Ўзбекистоннинг Қувайт Давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аюбхон Юнусов, “UzAssets” компанияси бошқаруви раиси Бобур Абдиназаров, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди. Томонлар иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш мақсадида асосий тармоқларда, жумладан, “яшил” энергетика соҳасида шерикликни чуқурлаштириш ва “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги стартап лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш имкониятлари ҳамда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш учун аниқ қадамларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.