“Made in Uzbekistan”: Кўргазманинг ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамловчи янги босқичлари
2024-11-25 12:00:00 / Янгиликлар
Унда илмий тадқиқот институтлари томонидан пахтачилик, сабзавотчилик, ғаллачилик каби йўналишлар бўйича қатор ишланмалар ҳамда 83 турдаги саноат маҳсулотлари тақдим этилди.
“Made in Uzbekistan” кўргазмаси доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ва тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ж. Ходжаев ва Туркманистон бош вазири ўринбосари Атагулиев иштирокида кўргазмага ташриф амалга оширилди. Делегациялар илм-фан ютуқлари ва қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган инновацион технологиялар билан яқиндан танишдилар.
Меҳмонларда айниқса данакли ёғлар, сублимация усулида қуритилган мевалар ва сабзавотлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари учун ишлаб чиқарилган юқори сифатли уруғлар катта қизиқиш уйғотди. Ушбу маҳсулотлар нафақат Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти, балки қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги муваффақиятларини ҳам намойиш этди.
Кўргазма давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалигида илм-фан ва саноат уйғунлигини кучайтиришга доир бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, уруғчилик соҳасида илмий марказлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар лойиҳалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, форум давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасида бир нечта муҳим битимлар имзоланди. Бу битимлар нафақат қишлоқ хўжалиги, балки озиқ-овқат саноати ва технологик ишланмаларни қўшма ривожлантириш соҳаларини қамраб олди. Жумладан, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан сублимацияланган маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ва туркман бозорига янги турдаги уруғлар етказиб бериш юзасидан келишувлар амалга оширилди.