Жамият ривожида аёллар ўрни ортмоқда
2024-12-24 09:20:00 / Янгиликлар

Дастлаб масъуллар ҳудуддаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонма-хонадон юриб, ишсиз хотин-қизлар ва уларнинг бандлигини таъминлаш имкониятлари билан танишди. Тадбиркорликка қизиқувчиларнинг таклифлари назоратга олинди.
Ҳозир 616 та хонадонга эга бўлган маҳалланинг асосий даромад манбаи иссиқхоначилик бўлиб, 90 фоиздан зиёд хонадон айнан шу иш билан шуғулланади. Томорқачилик орқали яхши фойда кўраётган Маҳбуба Халиқулова билан ҳам суҳбатда шу пайтгача эришилган натижалар сарҳисоб қилинди. У 40 сотих иссиқхонада кўчатчиликни йўлга қўйиб, маҳалладаги 30 нафар хотин-қизга тажрибасини ўргатиб келмоқда.
Ўрганишлар борасида маҳалла еттилиги вакиллари билан олиб борилган суҳбатда камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, хотин-қизларни касбларга ўқитиш ва иш билан таъминлаш орқали норасмий бандлик улушини камайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиҳов қурилиши режалаштирилган замонавий пиллачилик мажмуаси лойиҳасини кўздан кечирди. Ушбу лойиҳа Хитой инвесторлари томонидан ташкил этилган “JINGZE INTERNATIONAL SILK” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Туман ҳудудидаги 293 гектар самарасиз тутзорлар шартнома асосида инвесторга ижара асосида берилди. Лойиҳанинг қиймати 2,5 миллион долларни ташкил қилади ва 300 иш ўрни яратилади.
Бунинг натижасида йилига 900 қути, бир мавсумда эса 300 қути ипак қурти боқилади. Бир йил давомида 50 тонна пилла хомашёси етиштирилиши режалаштирилган. Ушбу ташаббус доирасида 1 та қуртхона ва қуритиш ускуналари ишлаб чиқариш заводи ҳам қурилади. Шу билан бирга, 25 гектар ер майдонида ўрма тутзорлари барпо этилиши режалаштирилган. Натижада 1,5 миллион доллар қийматидаги ипак толаси экспорт қилиниши кутилмоқда.
З.Маҳкамова мажмуа қурилишини кўздан кечирар экан унинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Мажмуа Хитой ва Вьетнамнинг илғор тажрибалари асосида барпо этилиши ва инновацион пиллачилик усулларини жорий этишни кўзда тутган.