Оилаларда соғлом маънавий муҳитни асраб-авайлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
2025-01-04 09:25:00 / Янгиликлар

Оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хонадонлардаги соғлом маънавий муҳитни асраб-авайлаш борасида мамлакатимизда қандай амалий ишлар қилинмоқда?
Бу борада Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тизимли ишлар бажарилаётгани эътиборга молик. Қўмита ахборот хизматига кўра, репродуктив маслаҳатга муҳтож бўлган хотин-қизлар билан ишлаш тартиби ишлаб чиқилди. 337 минг 654 нафар хотин-қизлар билан индивидуал иш олиб борилди. Натижада уларнинг 223 минг 923 нафари соғлом турмуш тарзига қайтди.
80 мингдан ортиқ спорт мусобақалари ўтказилиб, унда 2,8 миллион нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этди. Хусусан, вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари ҳамда уларинг оила аъзолари ўртасида оилавий спортни ривожлантириш мақсадида 25 та жамоада 300 нафардан зиёд аёллар ва уларнинг фарзандлари иштирокида Гимнастрада фестивали ўтказилди.
Соғлом турмуш тарзига оид 298 мингдан зиёд тарғибот-тадбирлари амалга оширилди, 206 мингдан ортиқ тарғибот материаллари берилди.
Фарзанд кўриш орасидаги муддатга риоя этиш кўрсаткичлари яхшиланди. 3 миллион 789 минг 85 нафар аёл онкоскрининг текширувларига жалб этилди.
Оила институтини мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида “Сергели тажрибаси” асосида 138 минг 405 нафар никоҳга кираётган ёшлар ўқитилди.
“Оҳангарон тажрибаси” асосида 27 минг 53 та оилавий ажрим билан боғлиқ низоли оилалар тикланди. 13 минг 796 та никоҳи расмийлаштирилмаган оила никоҳи қонунийлаштирилди.
Оилаларни асрашга оид 142 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди, 123 мингдан ортиқ тарқатма материаллар берилди.
Фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган 208 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди.
“Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” танлови ўтказилиши натижасида ибратли оилалар сони 45 минг 225 тага ошди.
“Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари 200 минг нафарга етди. Улар томонидан 85 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
“Китобхон оналар” куни тадбирлари орқали 2 минг нафардан ортиқ китобхон оналар кашф этилди.
Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича Наманган, Андижон вилоятларида “Оила ва хотин-қизлар маскани” ташкил этилди. Жиззах вилоятида Оила мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.
Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида 32 та йўналишда оилавий-ҳуқуқий муносабатларга доир ишларни кўриш бўйича ихтисослашган Оила судьялари тизими жорий этилди.
“Хонатлас”, “Нафосат”, “Либосларда – қадрият акси”, “Миллий либос-миллат қиёфаси” мавзуларида ҳафталиклар, танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди.
“Фаровон оила – келажак пойдевори”, “Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз”, “Аёл – жамият кўзгуси”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила мустаҳкамлиги учун барчамиз масъулмиз” шиорлари остида 400 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида 6 миллион нафардан зиёд хотин-қизлар қатнашди.
Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари учун 80 мингдан ортиқ услубий қўлланмалар, буклетлар етказилди. “Масъулиятли ота-оналик” мезонлари, маҳаллада оилавий медиацияни жорий этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилди. “Оила ўқув платформа”си – https://oilamalaka.uz сайти ишга туширилди.
Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган 305 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни жиловлаш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш масаласи ҳам Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликданжабрланган 48 минг 528 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди. Натижада 20 минг 574 та оилани яраштиришга эришилди, 25 минг 964 та низо бартараф этилди.
Оилалар ҳамда уларнинг фарзандлари билан мунтазам ишлар олиб бориш натижасида профилактика ҳисобидаги хотин-қизлардан 29 минг 421 нафари (шундан 605 нафари вояга етмаган, 4 521 нафари ёшлар) профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган жами 836 нафар хотин-қизлар ўрганилиб, улардан 319 нафари ишга жойлаштирилди, 353 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам берилди, 54 нафари даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, тиббиёт диспансерларга жойлаштирилди, 101 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайта тиклаб берилди, 28 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдамлар кўрсатилди.
“E-ижтимоий профилактика” электрон ахборот тизими орқали хотин-қизлар фаоллари томонидан ўзига бириктирилган 124 минг 396 нафар хотин-қизлар билан ишлаш натижасида ижобий қўшма хулосалар берилди.
Ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган 29 минг 421 нафар хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилиши натижасида ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқарилди.
“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” тадбирлари доирасида 9 минг 443 та маҳаллада, 10 минг 203 та таълим муассасасида, 9 минг 14 та ташкилот ва идораларда туркум тадбирлар ўтказилиб, уларга 812 минг 357 нафар (621 минг 27 нафар ёшлар, 163 минг 251 нафар аёллар, шундан 28 минг 79 нафари зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар) иштирокчилар қамраб олинди.
128 нафар ички ишлар, соғлиқни сақлаш, оила ва хотин-қизлар ва ижтимоий соҳаларда фаолият олиб бораётган ходимлар учун “Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар билан комплекс иш олиб бориш“ мавзусида тренинг ташкил этилди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида 97 минг 500 дона услубий қўлланмалар, буклет, флаер ва бошқа тарқатма материаллари тарқатилди.
“Биз оилавий зўравонликка қаршимиз” мавзусида ижтимоий роликлар танлови ўтказилиб, натижаларга танловнинг 1, 2 ва 3-ўрин ғолиблари аниқланди.
Бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар оилаларни асраш, аёллар манфаатларини ҳимоялаш борасида мамлакатимизда яратилган тизим ўз натижаларини кўрсатаётганини яна бир бор исботлайди.