Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
2025-03-05 09:15:00 / Янгиликлар

Мулоқот чоғида Сув хўжалиги вазири ушбу нуфузли молия муассасаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, Бухоро вилоятини тўлиқ, Навоий вилоятининг Кармана ва Қизилтепа туманларини сув билан таъминлайдиган “Аму-Бухоро-1” насос станцияси Осиё Тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан янгидан қурилмоқда.
Учрашувда “Қашқадарё вилоятидаги “Аёқчисой” ва Сурхондарё вилоятидаги “Обизаранг” сел-сув омборларини қуриш” лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳанинг умумий қиймати 60,0 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, 2025-2028 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.
Китоб туманида “Аёқчисой” сел-сув омборини қуриш орқали Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шахрисабз ва Китоб туманларидаги 25 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланади.
Сариосиё туманида “Обизаранг” сел-сув омборини қуриш орқали Сариосиё ва Узун туманларидаги 10 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти барқарорлашади.
Осиё тараққиёт банки миссияси раҳбари Такатоши Кавамото лойиҳани тайёрлашнинг ҳозирги босқичи, шунингдек банк томонидан соҳага ажратилиши мўлжалланган кредит ва грант маблағлари ҳақида маълумот берди.
Мулоқот чоғида лойиҳанинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш, Осиё тараққиёт банки ҳамда Вазирлик ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди.