Ўзбекистон ва X5 Group ўртасида экспортни ривожлантиришга қаратилган шартнома имзоланди
2025-06-12 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Х5 Group ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Мазкур шартнома асосида томонлар миллий бренд остида халқаро бозор расталарига олиб чиқиш, экспорт жараёнларини соддалаштириш, халқаро стандартларга жавоб берувчи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш тизимларини йўлга қўйиш, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиришмоқда.
Музокараларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия бозорига экспорт қилиш, замонавий логистика занжирларини шакллантириш ҳамда рақобатбардош ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
X5 Group вакиллари Ўзбекистоннинг бой агроресурслари, қулай табиий-иқлимий шароити ҳамда юқори сифатли маҳсулот етиштириш салоҳиятини юқори баҳолаб, мазкур ҳамкорликнинг узоқ муддатли ва стратегик аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар.
Маълумот учун: X5 Group — Россиянинг 75 та минтақасида фаолият юритувчи йирик чакана савдо компанияси бўлиб, 30 мингга яқин дўконга эгалик қилади. Компания “Пятёрочка”, “Перекрёсток”, “Чижик”, “Около”, “Виктория”, “Красний Яр” ва “Слата” каби машҳур савдо тармоқлари орқали кенг танилган.
Ўзбекистон ва X5 Group ўртасида имзоланган мазкур ҳамкорлик битими қишлоқ хўжалиги соҳасига халқаро инвестицияларни жалб этиш, илғор технологиялар асосида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорларига олиб чиқишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.