Самарқандда ташкил этилган БМТнинг Давлат хизмати форуми якунланди
2025-06-26 09:10:00 / Янгиликлар

Форум Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Африкадан давлатларидан ташриф буюрган вазирлар ва давлат хизматига масъул органлар раҳбарларини бирлаштиради. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий доиралар, фуқаролик жамияти, хусусий сектор вакиллари ва инновация етакчилари ҳам иштирок этди.
25 июнь куни форумнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, нутқ сўзлади.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2025-йилги Давлат Хизмати Форуми иштирокчиларига ушбу уч кунлик мазмунли, илҳомлантирувчи ва, албатта, тарихий кунлар учун чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Марказий Осиёда илк бор ана шундай нуфузли халқаро форумга мезбонлик қилиш биз учун катта шарафдир – бу қадимий шаҳарда минг йиллар давомида ғоялар, маданиятлар ва цивилизациялар кесишган. Бугун эса Самарқанд – рақамли, барқарор ва инклюзив давлат бошқарувининг келажагига оид ғояларнинг марказига айланган.
Сўнгги кунларда кўплаб қимматли фикрлар билдирилди. Аммо бизни бирлаштирадиган асосий жиҳат — бу ҳаммамизни бирдек ташвишлантираётган мақсаддир: давлат хизматларини янада очиқ, шаффоф ва самарали қилишга интилишдир.
Энг муҳими воқеалардан бири – биз биргаликда Самарқанд Вазирлар Декларациясини қабул қилдик”, – деди вазир.
Шунингдек, Ш. Шерматов Ўзбекистон GovTech, очиқ рақамли платформалар, рақамли таълим ва давлат сектори учун салоҳиятни ошириш борасидаги инновациялари ва тажрибаси билан ўртоқлашишга доим тайёр эканини маълум қилди.
“Форумни муваффақиятли ўтказишга ҳисса қўшган барча иштирокчиларга чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган 1 000 дан ортиқ делегатлар: вазирлар, давлат хизматчилари, экспертлар ва амалиётчилар. Сизлар бу форум нафақат сиёсат, балки амалиёт, нафақат ғоялар, балки ҳаракатлар форумига айланганини исботладингиз.
Бутун жамоамиз номидан Грузия делегациясини 2026 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги БМТ Давлат Хизмати Форумига мезбонлик қилиш вазифасини қабул қилгани билан чин дилдан табриклаймиз.
Самарқанд Декларацияси биз учун фақатгина ҳужжат бўлиб қолмасин — у амалий ҳаракатлар режасига айлансин”, – деди вазир ўз нутқи якунида.