АҚШнинг «Citi» банки вакиллари билан ҳамкорлик муносабатлари юзасидан фикр алмашилди
2025-06-26 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда «Citi» банкининг бошқарувчи директори Хенаро Пулат, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича корпоратив банк хизматлари директори Жейсон Зулло ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев ва бошқа маъсул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: Citibank — АҚШдаги энг йирик банклардан бири бўлиб, Citigroup Inc. молиявий ҳолдинг компаниясига тегишли. У глобал миқёсда молиявий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган ва кўплаб мамлакатларда ўз филиалларига эга.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ва келгусида ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ҳамда мамлакатимиздаги иқтисодий ривожланиш жараёнлари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, томонлар қуйидаги муҳим йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди:
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш;
Хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;
Давлат иштирокидаги корхоналарни ривожлантириш ва рақобатбардошликни ошириш;
Ҳудудларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, электр етказиб бериш сифатини ошириш, аҳолини сув билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан лойиҳалар;
Хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
Халқаро суверен рейтинглар билан ҳамкорлик;
Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари;
Инфляция даражасини тушириш ва барқарорлигини таъминлаш.
Музокаралар якунида томонлар манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда юқоридаги йўналишларда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.