Умумий маълумот
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси — Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қиладиган коллегиал органдир.
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири (бундан буён матнда Бош вазир деб юритилади), унинг ўринбосарлари ва вазирлардан иборатдир. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Вазирлар Маҳкамаси:
- самарали иқтисодий, ижтимоий, солиқ ва бюджет сиёсати амалга оширилиши, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга доир дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда бажарилиши учун жавобгар бўлади;
- барқарор иқтисодий ўсишни, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантириш бўйича чоралар кўради;
- аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
- ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича чоралар кўради;
- фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди;
- фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;
- ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади;
- ижро этувчи ҳокимият органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чоралар кўради;
- Қонунчилик палатасига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузаларни тақдим этади;
- давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида, республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;
- стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари давлат бошқаруви тизимига жорий этилишини таъминлайди;
- мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим ҳамда устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиялар, концепциялар, дастурлар ҳамда “йўл хариталари”ни амалга ошириш юзасидан чоралар кўради.
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, ушбу Конституциявий Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари Бош вазир томонидан имзоланади.
Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ олиб боради.