Россиянинг миллий дон маркази билан юқори навли ғалла етиштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди
2024-07-05 12:00:00 / Янгиликлар

Унда Сирдарё тупроқ-иқлим шароитига мос, табиатнинг турли стресс омилларига чидамли ва серҳосил буғдой навларини яратиш, юқори авлодли уруғликлар ҳисобига вилоятда бошоқли дон экинларидан юқори ва барқарор ҳосил етиштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотни марказ директори, Россия Фанлар академияси аъзоси Вячеслав Лукомец очиб берди ва делегациямиз аъзоларини ушбу марказда кўриб турганидан мумнун эканлигини айтди.
— Биз ҳосилдор ва совуққа чидамли кузги экинларни етиштириш устида иш олиб боряпмиз. Олимларимиз кўп йиллардан буён ўзбекистонликлар билан мамлакатингиз шароитига мос агротехнологияларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қиладилар. Марказда амалиёт ўташ истагида бўлган талабаларингизни қабул қилишимиз мумкин. Қолаверса, сизлар билан юқори сифатли уруғлар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, - деди Вячеслав Лукомец.
Вилоят ҳокими марказ олимлари томонидан олиб борилаётган тажрибалардан хабардорлиги, уларнинг хизматларини қадрлашини билдирди.
— Бизга сувсизликка чидамли, касалликларга, айниқса, зангга чидамли навлар жуда зарур, - деди Акмалжон Махмудалиев.
Селекционер олим Людмила Беспалова бу каби талабларнинг барчасига жавоб берадиган навлар илмий марказда яратилгани ва янгилаб борилаётганини таъкидлади.
— Айниқса, бизнинг икки уруғпаллали навларимиз Ўрта Осиё мамлакатларида юқори ҳосил беради. Андижон вилояти бунга ёрқин мисол. Биз улар билан доимий алоқадамиз, мулоқот қиламиз, амалий ёрдам берамиз, натижалар эса жуда яхши. Ва биз Сирдарё вилояти билан ҳамкорлик қилишдан мамнун бўламиз, - деди у.
Вилоятимиз вакиллари, шунингдек, марказ селекциясига мансуб эртапишар, юқори ҳосилли буғдой навлари ҳамда уларнинг хусусиятлари билан танишдилар. Якунда ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.