Бухоро шаҳрида Ўзбекистон аллерголог ва иммунологларининг IV форуми бўлиб ўтмоқда
2025-05-30 14:10:00 / Янгиликлар
"Ўзбекистонда аллергологик хизмат: муаммолар ва ечимлар" мавзусига бағишланган тадбир Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяровнинг иштирокчиларга йўллаган видеотабриги намойиши билан бошланди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 23 ноябрда имзоланган “Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида аллергология соҳаси тўлиқ трансформация қилиниб, яхлит вертикал бошқарув тизими жорий этилди.
Хизмат кўрсатиш қамрови туман даражасига туширилди. Шу тариқа ихтисослаштирилган аллергологик хизмат аҳолига янада яқинлаштирилди.
Қисқа қилиб айтганда, марказ ўз фаолиятини халқаро стандартларга уйғунлаштиришга эришди. Куни кеча муассасага ISO 9001:2015 ҳамда ISO 7101:2023 халқаро сифат стандартларини жорий этганлиги муносабати билан махсус сертификатлар топширилгани бундай изланиш ва янгиланишларнинг яна бир тасдиғи бўлди.
Форум давомида эришилган ютуқлар эътироф этилиши баробарида, аллергология соҳасига доир долзарб масалалар, муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама этилиши белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.