ҲАМИША ЮКСАКЛАРДА ҲИЛПИРАЙВЕР ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ!
2024-11-15 14:50:00 / Янгиликлар

Давлат байроғи баланд ҳилпираганда қалби титрамаган ким бор?
Хонадонида Ўзбекистон байроғини илиб қўйган ватандошимиздан ҳам Ватанни кучлироқ севадиган борми?!
Байроқ ўзи биз учун қанчалик азиз?!
Тарихдан маълумки, қадимдан юртимиз давлатчилигида байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли баҳодирларга ҳадя қилинган. Бобомиз Нажмиддин Кубро ёв қўлида шаҳид бўлса-да, чангалида маҳкам тутган яловни ҳеч ким ололмаган.
Давлатимиз байроғи Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, халқаро кўргазмаларда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро аҳамиятга молик тадбирлар, саммитлар, анжуманлар, спорт мусобақаларида баланд кўтарилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида, давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик, савдо ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бинолари олдида ҳилпираб турган Ўзбекистон байроғи барчамизда фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади.
Байроғимизга доир энг муҳим маълумотларни ёшу-кекса, аёл-эркак –ҳамма билиши лозим.
Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги 407-XII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.
Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо тараннум этганидек:
Қалбимиз тўла сурур,
Тўтиё юрт тупроғи,
Ҳилпираб турар мағрур,
Ўзбекистон байроғи.
Гулзода Хуррамова,
ИИВнинг 2-сон Тошкент академик лицейи тарих ўқитувчиси