ШЕРОБОД ТУМАНИДАГИ «БОЙҚИШЛОҚ» МАҲАЛЛАСИ ҲУДУДИДА 4 ТА СУҒОРИШ ҚУДУҒИ ҚАЗИЛАДИ
2025-03-07 16:25:00 / Янгиликлар
Шеробод туманидаги «Бойқишлоқ» маҳалласи ҳудудидаги экин майдонлар азалдан «Шеробод» магистрал каналидан сув олувчи Р-19 каналидан обиҳаёт билан таъминланади. Бироқ айни қишлоқ хўжалик экинлари парвариши даврида сув фермер хўжаликлари даласидан ортмай қолади, маҳалла таркибидаги Бойқишлоқ, Боғишамол, Деҳқонобод қишлоқларида яшовчи 600 та оиланинг каналнинг сўнгги қулоғи бўлган қисмидан сув олувчи 90 гектар томорқа ерларига кўпинча сув етмайди.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ижросини таъминлаш мақсадида маҳалла ҳудудида 4 та артезиан қудуғи қазилиб, аҳоли томорқаларини кафолатли сув билан таъминлаш режалаштирилган.
«Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси буюртмасига асосан «Фахриддин» МЧЖ қурувчилари аллақачон артезиан қудуқларининг биттасини ишга туширди.
– Президентимиз ва сув хўжалиги соҳаси раҳбарларидан элимиз ғоят миннатдор, – дейди «Бойқишлоқ» МФЙ раиси Акмал Турсунов. – Аҳоли томорқалари сув таъминоти яхшиланса, экинлар ҳосилдорлиги ортиб, халқимиз дастурхони янада тўкин, турмуши фаровон бўлади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати