НАВРЎЗ ТАРИХИ
2025-03-17 12:35:00 / Янгиликлар

Қадимий байрам бу йил жума кунига тўғри келаяпти.
Буюк аллома Ҳаким ат-Термизий бобомизнинг “Наврўзнома” асарида Наврўз ҳафтанинг қайси кунига келишига кўра, унинг бирорта сайёрага тааллуқли эканлиги айтиб ўтилган. Жума куни келса, Зуҳра (Венера)га тааллуқли бўлиши, ёмғир кўп ёғиши, зироат яхши бўлиши, нархлар арзонлашиши, шодлик ва фаровонлик йили бўлиши кўрсатилган.
Кўпчилик олимлар фикрига кўра, Наврўзнинг шаклланиши зардуштийлик динининг пайдо бўлишигача давом этган даврни ўз ичига олиб, Хитойдан Ўрта денгизгача бўлган ҳудудларда яшовчи халқларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхтатилган, гина-кудуратлар кечириб юборилган.
Энг қадимги ёзма манбалардан бири – зардўштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”га кўра, баҳор қайтиши яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабасини англатган. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар зардўштийларнинг эътиқодида Наврўз байрами муҳим ўрин тутганлигини кўрсатди. Хусусан, Самарқанддаги Кофирқалъа ёдгорлигидан зардўштийларнинг ҳосилдорлик ва сув илоҳи ҳисобланган Нана акс этган ёғоч паннонинг топилиши фикримиз далилидир. Археолог олим А.Бердимуродовнинг таъкидлашича, ёғоч панно Сўғд ҳукмдорларининг шаҳар ташқарисидаги саройида жойлашган бўлиб, у жойлашган хона диний ва дунёвий маросимларни, жумладан, Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаш учун хизмат қилган.
Абулқосим Фирдавсийнииг “Шоҳнома” асарида Наврўз байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясайди, ип йигириб кийим тўқийди, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, ишлари гуркираб мева берганда, тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу кундан бошлаб Наврўз нишонланган. Байрам ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарида ҳам учрайди. М.Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида Наврўзга оид маълумотлар келтирилган. Тарихчи олим Абу Бакр Наршахий (899- 959) ўзининг “Бухоро тарихи” асарида Наврўз куни Сиёвуш қабри бошида одамлар жонлиқ сўйишларини ва бунга уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтганини ёзган.
Шунингдек, Темурийлар даврида Наврўз энг улуғ ва энг азиз, инсонларга чексиз қувонч улашувчи байрам сифатида нишонланган. Алишер Навоий ҳам ўз асарларида “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз”, деб бежиз бу кунни алоҳида ёд этмаган.
Дарҳақиқат, баҳор ва меҳнат байрамининг пайдо бўлиши ҳақидаги тарихий маълумотлар даврлар ўтиши билан турли ўзгаришларга учраб, шу кунларгача етиб келган. Барча қадимги афсоналарда эса бу умумхалқ байрамининг пайдо бўлиши аждодларимизнинг баҳор фасли ва кўкламги дала ишларининг бошланишига алоқадор удумларига боғланади. Наврўз 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси “Қозон тўла” удуми билан бошланади. Шу оқшомда кечаси билан кўпчилик бўлиб сумалак ва ҳалим ҳам пиширилган. Бу таомлар қозони эртасига очилган. Наврўз “қозон тўладиган”, яъни қут - барака тантана қиладиган халқ байрами ҳисобланган.
Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган. Тарихий манбаларга кўра, бу кунни байрам қилиш расман аҳамонийлар давридан бошланган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон ҳалқларида энг катта байрамлардан бири ҳисобланган.
2010 йил 23 февралда Афғонистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” деб эътироф этиш ҳақида қарор қабул қилган.
ЮНЕСКО эълон қилишича, Наврўз муҳим оилавий анъанадир ва бу байрамда пишириладиган таомлар тозалик, фаровонлик ва бойликни ифода этади.
БМТнинг маориф, фан ва маданият ташкилоти – ЮНЕСКО Наврўзни Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритган.
Гулзода Хуррамова,
ИИВнинг 2-сон Тошкент академик лицейи тарих ўқитувчиси