Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш: КЎРСАТКИЧЛАР ОРҚАДА ҚОЛМОҚДА
2025-04-04 15:35:00 / Янгиликлар

Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йилда республикамиз бўйича жами 232 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда 268 минг гектар ерларни лазер ускунаси ёрдамида текислаш режалаштирилган эди. Бу борада манзилли дастурлар шакллантирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва барча вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланган.
Январ-март ойларида 84,7 минг гектарда томчилатиб суғориш учун
1,9 трлн сўм ва 27,1 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияси учун 448 млрд сўм ҳамда 245 гектарда дискрет суғориш технологияси учун эса
2,1 млрд сўм молиялаштириш ишлари амалга оширилди.
260 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари лазер ускунаси ёрдами текисланди.
Ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш кўрсаткичлари режадан ортда қолмоқда.
Мисол учун, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этишни ҳудудлар кесимида 4 апрель ҳолатига кўриб чиқайлик. Бу борада Хоразм вилояти энг паст кўркаткични қайд этмоқда. Вилоятда жорий йил 1300 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш режалаштирилган, шундан 805 гектари молиялаштирилган. Бугунги кунда 288 гектар майдонда қурилиш якунланган. Яъни, ишлар режага нисбатан 22 фоизга бажарилган. Бу кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 19 фоиз, Самарқанд вилоятида 18 фоизни ташкил этмоқда.
Республика бўйича режалаштирилган 34 минг 384 гектар ғалла майдонидан 40 фоизида қурилиш якунланган. Ишлар жадаллаштирилмаса, ҳадемай ғалла мавсуми якунига етай деб қолади.
2025 йил ҳосили учун интенсив агротехнология асосида пахта етиштириладиган майдонларнинг 172,3 минг гектарида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш белгиланган.
Бугунги кунда режага нисбатан 88 фоиз майдонда ёки 152,0 минг гектарда пудрат шартномалари расмийлаштирилган.
Ушбу расмийлаштирилган шартномаларга асосан 84,5 минг гектар майдон молиялаштирилган бўлса, шундан 9,9 минг гектар банк кредити ва 74,9 минг гектар ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Қурилиш ишлари эса 65,5 минг гектарда амалга оширилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, пудрат шартномасини расмийлаштириш ишлари Қорақалпоғистон Республикасида 7 фоиз, Хоразмда 65 фоиз, Сурхондарёда 70 фоиз, Тошкентда 75 фоиз ва Навоийда 86 фоизни ташкил қилмоқда. Наманган, Самарқанд, Андижон вилоятлари шартномалар расмийлаштиришни 100 фоиз, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари режадан ошириб бажарган.
Шартнома расмийлаштирилган майдонларга нисбатан эса Фарғона, Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Қорақалпоғистон Республикасида молиялаштириш ишлари суст амалга оширилмоқда.
Шу кунларда молиялаштириш ишларини амалга ошириб, қолган майдонларда ҳам қурилиш ишларини бошлаш зарур. Акс ҳолда, режалар бажарилмай қолиши мумкин.
Ахборот хизмати