Амир Темур – буюк давлат асосчиси
2025-04-09 14:00:00 / Янгиликлар

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур бизнинг заминимиздан етишиб чиққан буюк саркарда, йирик марказлашган давлат яратувчиси, илм-фан ва санъат ҳимоячиси, халқпарвар ва адолатли ҳукмдордир.
Амир Темур номини эшитганда кўз олдимда Шаҳрисабздаги Оқсарой гавдаланади.
Бу иншоот 1380-1404 йилларда Амир Темурнинг онаси Такинахотун хотирасига бағишлаб бунёд этилган. Саройни барпо этиш давомида Хоразм, Эрон ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келтирилган ҳунармандлар иштирок этган. Жумладан, гумбазли аркни ясаш ва безашда тош кесувчи уста Муҳаммад Юсуф Табризийнинг иштироки бўлгани гумбаз ёзувларида сақланган.
Орадан шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, Оқсарой Амир Темур бунёдкорлигининг рамзи сифатида қўр тўкиб турибди. Унинг атрофидан зиёратчилар, хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди.
Соҳибқирон бобомиз ҳақида сўз кетганда Оқсаройдан сўнг Амир Темурнинг 3 та ҳайкали кўз олдимда гавдаланади. Биринчиси – Шаҳрисабзда, Оқсаройнинг рўпарасида. Унда Амир Темур сиймоси тик турган ҳолда гавдалантирилган. Самарқанд шаҳрида ўрнатилган ҳайкалида тахтда ўтирган ҳолда, Тошкент шаҳридаги ҳайкалида отга минган ҳолда тасвирланган. Булар шунчаки тасодиф эмас, балки чуқур ўйланган ва рамзий маънога эга. Яъни, Амир Темур Шаҳрисабзда туғилди, камол топди, оёққа турди, Самарқандда тахтга ўтирди, Тошкент орқали дунёга чиқди, сарҳадларини кенгайтирди.
Темур ҳақида билиш, англаш учун Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи давлат музейини бориб кўриш керак. Ўз юртини, унинг тарихини севган ҳар бир инсон бориши шарт бўлган маскан бу ер. Музейда ўша давр руҳини акс эттирадиган экспонатлар, Амир Темур ва унинг авдодлари ҳақидаги қимматли маълумотлар бор.
Амир Темур ҳақидаги энг нодир, қимматли ва асосли манба – бу унинг “Темур тузуклари” асаридир. “Темур тузуклари” асари соҳибқироннинг ички оламини, дунёқарашини, ҳаётдан олган сабоқларини қандай талқин этганини, муҳим қарор ва хулосаларга келишдан олдин у ёки бу муаммонинг энг тўғри ечимига олиб борувчи омилларни тўғри белгилаш қобилиятини яққол намоён этади.
Мисол учун, Соҳибқирон “Темур тузуклари” асарида қуйидаги фикрларни билдирган: “Олтинчи (тузуким) – адолат ва инсоф билан Тангримнинг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Сиёсат ва инсоф билан сипоҳларимни, раиятни умид ва қўрқинч орасида тутиб турдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, аскарларимга инъомлар улашдим.”
Ёшлар ушбу жумлаларни меҳр билан ўқиб, мазмунини қалбига жо қилса адолат учун курашувчи, унга риоя қилувчига айланиши шубҳасиздир. Ҳар қандай масала адолат ва инсоф билан ҳал этилса халқ албатта рози бўлади.
Амир Темурнинг ҳарбий стратегиялари, давлат бошқарув тизими ва маданий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Янги Ўзбекистон ўз тарихининг буюк сиймоларидан ўрнак олиб, Темурийлар даврининг буюклигидан илҳомланиб ривожланмоқда.
Моҳинур Нормахматова,
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 16-сон умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси