АФҒОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ СУВЧИЛАР МАКТАБИ БИЛАН ТАНИШДИ
2025-04-14 09:03:00 / Янгиликлар

Кеча меҳмонлар Тошкентдаги Сувчилар мактабини бориб кўрди.
2023 йилда фаолиятини бошлаган Сувчилар мактаби фермерлар, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси вакилларига сувдан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишни ўргатади. Бу ерда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага доир инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси ўқитилади.
Меҳмонларга худди шундай мактаблар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилганлиги, уларнинг кўргазмали майдончалари учун 10 гектаргача ер ажратилгани айтиб ўтилди.
Афғон делегацияси Сувчиларнинг мактабининг кўргазмали майдончасида томчилатиб суғориш технологиясининг иш жараёнлари билан танишиб, саволларига мутахассислардан жавоб олдилар.
Ахборот хизмати