“СИЗ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИНГИЗ”
2025-04-21 19:10:00 / Янгиликлар

Ҳаммамиз ҳам ёш бўлганмиз.
Биз, айниқса, талабалик даврида олов эдик.
Олов бўлсак ҳам, эртанги кунимиз қандай бўлишини, ўқишни битиргач қаерда, ким бўлиб ишлашимизни аниқ тасаввур эта олмасдик.
Иш берувчи билан талабалар ўртасида мулоқот ўтган асрнинг 90-йилларида йўқ эди.
Шу маънода, бугун ирригация университетининг битирувчи талабаларига ҳавасим келди.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев “Тошкент ирригaция ва қишлоқ хўжалигини механизaциялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг 4-босқич талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида университет ректори Баҳодир Мирзаев Сув хўжалиги вазири йил бошидан буён мазкур таълим даргоҳига олтинчи маротаба ташриф буюрганини айтиб ўтди. Бу вазирлик ва университет ўртасидаги ришталар қанчалар мустаҳкамлигини, ривожланаётганлигини англатади.
Шу кунларда Вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотларида 21 нафар битирувчилар стажировкани, 460 нафардан зиёд талабалар битирув олди амалиётини ўтаётгани ҳамкорлик алоқалари нечоғлик эканининг яққол тасдиғидир.
Учрашувда Вазир ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни давлат хизматига жалб қилиш ҳамда улар учун шарт-шароит яратиб беришга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ҳар йили сув хўжалиги ташкилотларига 500 нафардан зиёд ёшларни ишга олиш ҳисобига тизимдаги мутахассислар таркиби анча ёшариб, раҳбар лавозимидагилар орасида ҳам ёшларнинг салмоғи ортди.
Ҳозир тизимда ёшлар 4 922 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3 498 нафари олий маълумотли. Ёшлар орасида раҳбар лавозимларда ишлаётганлар сони эса 314 нафарга етди.
Вазир бу йил соҳада 1000 нафар ёшни ишга олишга имконият борлигини, битирувчиларнинг барчаси учун иш ўрни кафолатганлигини таъкидлади.
Сўзга чиққан талабалар Вазир билан олдинги учрашувларда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар инобатга олиниб, амалга татбиқ этилгани учун миннатдорлик билдиришди.
Талабаларнинг вазирликда стажировка ўташини йўлга қўйилиши, “Сув хўжалиги вазири стипендияси”нинг таъсис этилиши айнан ёшларнинг ташаббуслари билан амалга ошди.
Очиқ мулоқотда Гидромелиорация факультети талабалари Диёрбек Ашуров, Соҳиба Маматқулова, Жавоҳир Умаров, Гидротехника қурилиши факультети талабаси Санжар Қобилов ва бошқалар сўзга чиқди.
Видеоконференция орқали Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, уларнинг тизим ташкилотларида битирув олди амалиётини ўтаётган талабалар ҳам мулоқотда қатнашди.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Мулкуш” каналини бетонлашга ҳисса қўшаётганини фахрланиб гапириб берган Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш таълим йўналишини битираётган Элбек Шафоатовга қарата Вазир “Сиз ишга қабул қилиндингиз” деб айтган гапларини иштирокчиларнинг барчаси гулдурос қарсаклар билан олқишлади.
Сувчилар – халқимизга муносиб хизмат қилишни юксак мақсад қилиб қўйган эзгу ниятли улкан оила.
Учрашув якунида Вазир ёшларни сувчилар оиласига таклиф қилар экан, ўзининг ҳалол меҳнати билан юртимиз ободлигига ҳисса қўшмоқчи бўлганларни ишга олиш ва қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Шуҳрат Суюнов,
матбуот котиби