Ҳуқуқ ва Қонунчилик
Ташкулов Акбар Джурабаевич
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири
Cўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қабул қилинган ҳар бир муҳим қонун ҳужжати бўйича тарғибот материаллари тўплами (инфографика, слайд, аннотация, ролик) тайёрланиб, соҳага масъул бўлган вазирлик ва идораларга ҳамда ҳудудларга юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Қонун ҳужжатларини содда тарзда тушунтириш бўйича тайёрланган видеороликлар маҳаллий ва марказий телеканалларда мунтазам бериб бориляпти.
Интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қаратилган, моддий аҳволидан қатъи назар, барча аҳоли қатламини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5 та ҳуқуқий портал ишлаб чиқилди. Тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат оладиган “Advice for business” юридик портали ишга тушди. Бу тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан, яъни корхонани рўйхатдан ўтказишдан тортиб токи уни тугатишгача бўлган барча зарур маълумотларни тақдим этувчи махсус интерфаол портал ҳисобланади. Мазкур тизим орқали тадбиркорлар ўз фаолиятининг ҳар қандай босқичида дуч келаётган масаласи юзасидан тезкор равишда бепул ҳуқуқий маслаҳат ва маълумотлар олиш имкониятига эга.
Шунингдек, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Мадад” нодавлат ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари ташкил қилинди. 60 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган “Мадад” бюролари томонидан 12 мингга яқин саволларга бевосита жавоб берилган бўлса, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали 60 мингдан ортиқ саволларга онлайн режимда жавоб берилди.
Имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришда уларга қулай бўлган усулдан фойдаланилди. Халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилган ҳолда кўзи ожизлар учун брайл алифбосида “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” тайёрланди. Тўплам 2 жилддан иборат, 2 минг ададда (жами 4 минг китоб) нашр этилган ва унда кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатларидаги нормалар жамланган.
Пандемия пайтида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар беришнинг замонавий тизимлари яратилди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида телеграм мессенжерида ботлар очилиб, улар орқали фуқароларнинг масофадан туриб йўллаган саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериб борилди.
Суд ҳокимияти ва унинг тизими
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини жорий этди.
Суднинг вазифалари — Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.
Суд тизими
- Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
- ҳарбий судлар;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
- Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий суди
- фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;
- жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
- туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;
- туманлараро маъмурий судлари фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси судлари интерактив харитаси
Андижон вилояти
Бухоро вилояти
Жиззах вилояти
Навоий вилояти
Наманган вилояти
Самарқанд вилояти
Сирдарё вилояти
Сурхондарё вилояти
Тошкент шаҳар
Тошкент вилояти
Фарғона вилояти
Хоразм вилояти
Қашқадарё вилояти
Қорақалпоғистон Республикаси