Ўзбекистон ва Афғонистонлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
2024-08-17 21:35:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар Қобул шаҳрида афғонистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
Афғонистон билан яхши қўшничиликка асосланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган ушбу учрашувда икки мамлакат тадбиркорлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
Маълум қилинишича, жорий йил 1 октябрдан икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо келишуви ишга тушади.
Ушбу ҳужжат доирасида келишилган 14 хил маҳсулотга импорт божлари бекор қилинади ва экспортёрлар учун қулайлик яратилади.
Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини янада ошириш мақсадида фитосанитар рухсатнома бериш тартиби енгиллаштирилди.
1 августдан Айритом-Хайратон чегара пости 24 соатлик иш режимига ўтказилди.
Халқаро Термиз савдо марказига ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинади ва барча солиқлардан озод этилади.
Афғонистонлик тадбиркорларни мамлакатимизда фаол ишлаши учун икки давлат ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган шу ва бошқа чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.