Адлия вазири Берлин федерал ери адлия сенатори бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
2024-10-11 09:50:00 / Янгиликлар
Учрашувда адлия ва ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик алоқалари ҳамда амалга оширилиши режалаштирилаётган янги ташаббуслар муҳокама қилинди.
Адлия вазири делегация вакилларига сўнги йилларда адлия ва ҳуқуқ соҳасида Ўзбекистон — Германия муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
Жумладан, учрашувда Адлия вазирлиги Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси билан узоқ йиллардан буён турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириб келаётганлиги, хусусан, GIZнинг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” дастури доирасида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.
Ф.Баденберг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. Шу ўринда, ҳозирда дунёдаги юз бераётган турли таҳдидлар, жумладан, диний радикализм, экстремизм, кибержиноятлар сони ошиб бораётганлиги, уларга қарши курашда бутун дунё давлатлари муаммоларга учраётганлигини таъкидлади.
Учрашув давомида Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги ҳамда тез орада имзоланиши режалаштирилаётганлиги билдирилди.