“Euronews” телеканали билан экология ва туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2024-11-21 14:25:00 / Янгиликлар
Учрашув аввалида А.Абдуҳакимов мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш кампанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим Кенгашининг ташкил этилиши ва бошқа ташаббуслар ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида У.Шодиев мамлакатимиз туризм индустриясидаги лойиҳалар ҳақида гапирди.
Учрашувда юртимизда иккита муҳим университет – Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (“Green University”) ва “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг очилиши алоҳида таъкидланди.
Музокаралар чоғида телеканалларда мамлакат ҳақидаги холис маълумотларни ёритиш, унинг бой сайёҳлик салоҳияти ва маданий меросини халқаро майдонда тарғиб қилиш орқали Ўзбекистон имижини оммалаштириш бўйича самарали ҳамкорликни муҳокама қилишди. Қўшма лойиҳалар, жумладан, ҳисоботлар, дастурлар, реклама ва Ўзбекистондаги йирик тадбирларни ёритиш минглаб янги сайёҳларни жалб қилиши таъкидланди.
Маълумот учун: “Euronews” – Европанинг кунлик 24 соатлик янгиликлар канали бўлиб, ўзида жаҳон воқеалари видеохроникаси ва 30 тилдаги аудио шарҳларни бирлаштирган. Жорий йилда телеканал Ўзбекистон ҳақида кенг кўламли ахборот кампаниясини бошлаб юборди, жумладан, 280 марталик трансляциядан иборат 5 та кўрсатув, 630 марталик трансляциядан иборат реклама роликлари намойиши бўлиб ўтди, “Euronews” сайти ва ижтимоий тармоқларда мақолалар чоп этилди.
Бундан ташқари, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда экотуризм ва экологик ташаббуслар бўйича махсус дастурлар туркумини яратиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони, шунингдек, ёш ва фаол аудиторияни жалб қилишга ёрдам берадиган ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар учун контент ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Педро Варгас Девид Ўзбекистон сармоя учун ажойиб мамлакат эканлигини, “Euronews” эса мамлакатнинг ижобий имижини илгари суриш, шунингдек, экология ва туризм соҳаларидаги ўзгаришлар ва инновациялар билан ўртоқлашишда давом этишини таъкидлади.
Томонлар “Euronews” платформаси орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистонни жаҳон миқёсида самарали тарғиб қилиш механизмларини аниқлаш бўйича аниқ қадамларни муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олдилар.