Ўзбекистонлик ёшларнинг “Туркия стипендиялари” дастури асосида таҳсил олиши кенгайтирилади
2024-11-22 09:35:00 / Янгиликлар
Томонлар олий таълим соҳасидаги турк-ўзбек ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва ривожлантириш, хусусан, Хорижий турклар ва қавм жамиятлар идораси томонидан бериладиган “Туркия стипендиялари” дастурини ўзбек томонига яқиндан таништириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот давомида ажратиладиган грант ўринларини (квоталарни) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда аниқ йўналишларда ажратиши мумкинлигини таклиф қилинди. Вазир Қ.Шарипов ҳозирги кунда машинасозлик, яшил энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт соҳалари долзарб ҳисобланиб, Туркия ОТМларида ўқишга юбориладиган Ўзбекистон фуқароларига ушбу йўналишларда квоталар ажратиш мумкинлиги билдирди.
Шунингдек, томонлар касбий таълим бўйича ҳам музокаралар олиб бордилар. Ўзбекистон олий таълим муассасалари турк тили профессор-ўқитувчилари учун “Таълим-Саёҳат” номли қисқа муддатли стажировка ўташ курсларини ташкил этишга келишилди.
Хорижий турклар ва қавм жамиятлар идораси ҳар йили давлат бюджети ҳисобидан Туркия давлат олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган хорижий мамлакатлар фуқароларига 3500 та стипендиялар (грантлар) ажратади.
Ҳозирги кунда Туркия олийгоҳларида 370 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўқишмоқда, шунингдек, 2024 йилда ушбу грантга 211 нафар фуқаро ҳужжат топширган бўлиб, улардан 130 нафари грант асосида таҳсил олиш учун танлаб олинган.
“Туркия стипендиялари”ни олиш учун талабгор онлайн тарзда ҳар йил 15 январдан 20 февралгача шахсан ўзи тегишли ҳужжатларни ҳамда тавсияномаларни бириктирган ҳолда идора веб-сайтига мурожаат (ариза) юбориши талаб этилади.