Асосий контентга ўтиш

Таълим ва Инновациялар

Умарова Хилола Уктамовна

Умарова Хилола Уктамовна

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири

+99871 241-01-15info@xtv.uz
gov.uz/uzedu
Чоршанба 16:00 - 18:00
Шарипов Конгратбай Авезимбетович

Шарипов Конгратбай Авезимбетович

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири

2022 — 2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича МИЛЛИЙ ДАСТУР

Ривожлантириш дастурининг асосий йўналишлари:
мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини тўлақонли жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликларни амалиётга киритиш;
жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай ижтимоий шароитлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш;
ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулиятини, доимий касбий ривожланишдаги талабчанлигини ошириш;
умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш;
умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прогнозлаш механизмларини йўлга қўйиш, бола таълим-тарбиясида оила, айниқса, ота-онанинг ўрнини ошириш;
ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбларга йўналтириш тизимини такомиллаштириш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг мактабгача ва мактаб таълими тизимига интеграциясини кучайтириш ҳамда инклюзив таълим жараёнларини жадаллаштириш;
умумий ўрта таълимда барча маълумот алмашинуви жараёнларини мактабгача ва мактаб таълими тизимини бошқаришнинг ягона дастурий мажмуаси орқали амалга оширилишини ҳамда ушбу соҳада электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтириш;
умумий ўрта таълим муассасаларининг навбатлилик коэффициентини оптимал даражага етказиш, замонавий моделлар бўйича мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш.

 

Маъмурий ислоҳотлар натижасида мактабгача, халқ ва ихтисослашган таълим ягона мактабгача ва мактаб таълими тизимига бирлашди.

Ҳозирги кунда тизимда 10 мингдан ортиқ мактаб, 30 мингдан ортиқ боғчаларда 8,5 миллионга яқин тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 700 минг нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда. Мактабларни йилига ўртача 400 минг ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг 170 минг нафари таълимни давом эттирмоқда. Сўнгги беш йилда 422 та давлат боғчаси қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассасалар очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилган. Тизимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 74 фоизга етган.

Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

Бугунги кунда тизимда 30 минг 792 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 минг 160 та умумтаълим мактаби, 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 182 та ихтисослаштирилган мактаб мавжуд.

Ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган. 208 та мактабнинг юқори синф ўқувчиларига 3 та йўналиш бўйича касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Чет тилини билиш сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари сони охирги икки йилда 6 минг нафардан 18 мингга етди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди.

Жумладан, чет тили, ахборот технологиялари, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди. Натижада 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етди, 10 миллион сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошди.

Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 800 минг ўқувчи ўрни яратилди. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ошиб, қамров 9 фоиздан 38 фоизга етди.

 

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш КОНЦЕПЦИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Концепция Ўзбекистон Республикасида олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

 

2019-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлашда инновацион ва технологик ривожланишни таъминлаш ва рағбатлантириш борасида катта ютуқларга эришилди. Хусусан:

республикамиз 81 та индикатор бўйича баҳоланадиган Глобал инновацион индекси рейтингида 2015 йилга нисбатан 36 та поғонага кўтарилди;

инновация ва илм-фан соҳаларига Давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 2018 йилга нисбатан 3 бараварга оширилди ва 1,5 триллион сўмга етказилди;

ёш олимлар 2018 йилда 6,5 минг нафар бўлган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 10,8 минг нафарни ташкил этди, яъни бир ярим бараварга ўсди;

2018 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказилаётган Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги – “Innoweek.uz” хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес-инкубаторларни бир мақсад йўлида жамловчи инновацион технологиялар платформасига айланмоқда.

2350

Охирги янгиланиш: 2024-09-26 11:00:52