Ўзбекистон – Италия: Перуджа хорижликлар университети билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлларига бағишланган учрашув
2025-06-30 09:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда вазир Қ. Шарипов сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида олий таълим ва илм-фан соҳасида шаклланган ҳамкорлик алоқалари, хусусан, Италия олийгоҳларининг Ўзбекистондаги филиаллари фаолияти, 2024–2025 йилларда ўтказилган Ўзбекистон–Италия таълим форуми ва олийгоҳлар ректорлари иштирокидаги давра суҳбати натижалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шу билан бирга, вазир 2025–2027 йилларга мўлжалланган қўшма илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар танлови ҳақида тўхталиб, ушбу жараён ҳозирда амалга оширилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса докторантура, академик алмашинув, Erasmus+, Gorizont Yevropa va Mari Skladovska Kyuri каби Европа таълим дастурлари доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш лозимлигини қайд этди.
Ўз навбатида, ректор Валерио Де Чезарис Перуджа хорижликлар университети Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан фаол ҳамкорлик олиб борилаётганини таъкидлади.
Музокаралар якунида итальян тили ва маданиятини ўрганиш, академик алмашинув, профессорлар малакасини ошириш, Европа Иттифоқи лойиҳалари доирасида ҳамкорлик, қўшма таълим дастурлари яратиш, талабаларни грант асосида ўқитиш ва маданий алмашинувни кучайтириш борасида келишувга эришилди.