Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирлари Остонада жам бўлди
2025-04-08 10:10:00 / Янгиликлар

Муҳим халқаро тадбир олдидан ЖССТ Европа минтақавий бюроси томонидан “Марказий Осиё – силдан холи” ташаббусининг бошланиши” мавзусида субминтақавий йиғилиш ўтказилди.
Қайд этилганидек, минтақа давлатлари бу хасталикка чалинган минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишда сезиларли ютуқларга эришмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда сил билан касалланиш даражасини пасайтириш ва мамлакатнинг 2050 йилга бориб хасталикни бартараф этиш бўйича мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда беморларни ташхислаш ҳамда даволашда сезиларли ютуқларга эришилди ва шу тариқа Ўзбекистон сил касаллигига қарши курашда глобал тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган давлатлар қаторига қўшилди.
Йиғилишда “Марказий Осиё – силдан холи” ташаббуси ушбу хасталикка қарши курашда минтақа давлатлари ҳамкорлиги учун муҳим платформа эканлиги ва Ўзбекистон бунда фаол иштирок этишни режалаштираётгани таъкидланди.
Ташаббус доирасида таклиф этилаётган тадбирлар ягона минтақавий ёндашувни яратиш ва силга қарши трансчегаравий назоратни кучайтириш имконини беради. Бу эса пировардида соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал хавфсизликка олиб келади.
Шунингдек, Асилбек Худаяров Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова билан ҳам учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, делегациямиз Қозоғистоннинг Шошилинч тиббий ёрдам миллий мувофиқлаштириш маркази, Миллий онкология илмий маркази, Миллий кардиожарроҳлик илмий марказида бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасида қўлланилаётган энг илғор ёндашувлар билан яқиндан танишди.