Соғлиқни сақлаш
Худаяров Асилбек Анварович
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро учун юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат тизимини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2022 йилда жойларда 100 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, поликлиникалар ҳамда олис ва чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Натижада қўшимча равишда яна 3,5 миллион аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эришилди.
Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармонлар учун маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 3 баробарга оширилди. Бирламчи тиббиёт муассасалари замонавий ультратовуш, электрокардиограмма ускуналари, стоматологик ва жарроҳлик тўпламлари билан жиҳозланмоқда.
Оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиши натижасида 740 минг киши шифохонага бормасдан, бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди.
Мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш мақсадида ушбу клиникаларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилиб, мажбурий туристик йиғимлар бекор қилинди ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат этилди.
Саломатлик посбонларининг оғир ва масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг ўз касбидан манфаатдорлигини ошириш масаласи ҳам давлатимизнинг доимий эътибор марказида турибди.
Соҳа ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилиб, иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ҳамда устама тўловлари жорий этилгани ҳам бу йўлдаги муҳим қадам бўлганини қайд этиш лозим.