Тошкентда “INNOPROM. Central Asia – 2025” кўргазмаси очилди
2025-04-29 10:40:00 / Янгиликлар

Маълумот учун: INNOPROM. Central Asia — бу 2021 йилдан бери Ўзбекистон пойтахтида ўтказиб келинаётган ҳар йили ўтказиладиган халқаро саноат кўргазмасидир. “INNOPROM. Central Asia – 2025” кўргазмаси 18 000 кв. метр майдонда ташкил этилган бўлиб, шундан 4 143 кв. метри Ўзбекистоннинг миллий экспозициясига ажратилган. Кўргазмада 200 дан ортиқ ўзбек компаниялари томонидан қарийб 100 турдаги маҳаллий маҳсулотлар, шунингдек, 50 дан ортиқ хорижий компаниялар ва 5 та миллий экспозиция (Ўзбекистон, Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон) намойиш этилмоқда. Кўргазмага 10 000 дан ортиқ ташриф буюрувчилар келиши кутилмоқда.
Тадбирда спикер сифатида Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев нутқ сўзладилар.
Кўргазмада қурилиш, электротехника, автомобилсозлик, мебель ва енгил саноат, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, энергетика, ахборот технологиялари ва бошқа тармоқларда инновацион ечимлар ва маҳсулотлар намойиш этилган. Шу билан бирга, умумий овқатланиш корхоналарининг фаол иштироки таъминланиб, Ўзбекистоннинг туризм ва гастрономия салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Тадбирда сўзга чиққан Жамшид Хўжаев фойдали қазилмаларни қазиб олиш, агро саноат мажмуи ва қишлоқ хўжалиги, инновациялар, IT технологиялар ва янги технологиялар алмашинуви соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, савдо ва кооперация алоқаларини кенгайтириш, машинасозлик ва станоксозлик, тоғ-конь саноати, кимё, электротехника ва қишлоқ хўжалиги саноатида инновацион технологияларни жорий этиш орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Бу борада, хусусан, Ўзбекистон ҳудудларида юқори технологик стандартлар асосида индустриал парклар ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари Денис Мантуров “INNOPROM. Central Asia” кўргазмасининг имкониятларини юқори баҳолаб, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини эътироф этди ҳамда кўргазмада иштирок этаётган компанияларни ўзбек ҳамкорлари билан янги истиқболли алоқаларни йўлга қўйиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди.
Кун якунида турли мамлакатларнинг вазирликлари, соҳа бирлашмалари ва йирик компаниялари ўртасида транспорт ва логистика, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва инновациялар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кимё саноати, рақамлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги лойиҳаларга асос солувчи икки томонлама ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтди.