Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим соҳасидаги стратегик ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2025-05-13 09:45:00 / Янгиликлар

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони Хитой талабалари учун бакалавриат, магистратура ва докторантура йўналишларида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди. Мамлакатимиз олийгоҳлари халқаро талабларга мос ўқув дастурлари, замонавий инфратузилма ва турли тилларда таълим бериш имкониятлари билан етарлича жиҳозлангани қайд этилиб, масофавий ва гибрид шаклда ўқиш имкониятлари ҳам таклиф этилди.
Музокаралар давомида ўзбек дипломларининг Хитойда расмий тан олиниши масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Хитой академик алмашинув маркази (CSCSЕ) орқали аккредитациядан ўтиш ва Хитой томони шакллантирадиган махсус рўйхатга Ўзбекистон олий таълим муассасаларини киритиш масалалари юзасидан аниқ механизмлар муҳокама қилинди.
Учрашувда икки томонлама академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил иккинчи ярмида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Ректорлар форуми ҳақида ҳам сўз юритилди. Мазкур анжуман университетлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, жорий йил 1–2 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Хитой минтақавий форуми доирасида таълимга бағишланган махсус йўналиш ташкил этилгани маълум қилинди. Унда университетлар, тегишли вазирликлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида академик алмашинув, қўшма дастурлар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Мулоқотда Хитой университетлари филиалларини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ижобий динамикаси алоҳида эътироф этилди. Айниқса, Циан нефть университети филиали юзасидан келишувга эришилгани, Пекин технология институти билан музокаралар олиб борилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Синхуа университети билан Тошкент шаҳрида илмий лаборатория ташкил этиш, Пекин университети билан эса Урганч шаҳрида Ўзбекистон–Хитой математик марказини очиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Музокаралар давомида 2025 йил 13 июнь куни Чунсин шаҳрида бўлиб ўтадиган Биринчи Ўзбекистон–Хитой касбий таълим форуми масаласи ҳам муҳокама қилинди. Унда саноат, аграр сектор, рақамли технологиялар ва яшил энергетика каби устувор йўналишларда қўшма ўқув марказларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорликни стратегик даражада мустаҳкамлаш, илгари сурилган ташаббусларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришдилар.