Халқаро ҳамкорлик
2025-06-05 09:00:00 / Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва "Таълим ҳамма нарсадан устун” (ЭАА) жамғармаси томонидан ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва "Замин" халқаро жамоат фонди кўмагида 1,3 миллион ёшни иқлим бўйича таълим ва етакчилик кўникмалари билан қамраб олувчи уч йиллик лойиҳа бошланди.
Лойиҳа доирасида:
— Иқлим таълими ва атроф муҳитни асраш тамойиллари умумтаълим мактабларининг ўқув дастурларига киритилади;
— 50 000 нафар педагогларнинг иқлимга оид дарсларни ўтказиш бўйича малакаси оширилади;
— Республикадаги 7 та вилоят мактабларига 3 000 та ўқув-услубий тўпламлар тақдим этилади;
— 4 000 нафар ўқувчи-ёшлар қайта тикланувчи энергия манбалари ва иқлимга мослашган қишлоқ хўжалиги бўйича касбий билимларга эга бўлади.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири — “Ёш яшил элчилар” тармоғи орқали 800 нафар қишлоқ ёшларининг маҳаллий экологик ташаббуслари қўллаб-қувватланади.
Лойиҳа доирасида, инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий иқлим танловлари ўтказилади.
Энг яхши лойиҳалар халқаро даражада тан олинади ҳамда ташаббускор ёшлар глобал экологик ҳаракатларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг иқлим стратегияси ва “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” дастурини амалий тарзда қўллаб-қувватлайди.