Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистон Республикасига ташрифи юзасидан
2025-06-09 09:50:00 / Янгиликлар

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди қабулида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илиқ саломлари етказилди. Давлатларимиз ўртасида кўп йиллик мустаҳкам дўстлик ришталари мавжуд бўлиб, барча соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканлигимиз қайд этилди. Ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари фидойилик ва ўзаро ишонч билан мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида жадал ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш сари тинимсиз меҳнат қилади.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан учрашувда биргаликда амалга ошириш учун улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда икки ва кўп томонлама муносабатларимизга янги динамикани олиб киришга алоҳида эътибор берилди.
Деҳлида бўлиб ўтган “Марказий Осиё - Ҳиндистон” 4-вазирлар учрашуви ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишида глобал ва минтақавий масалалар юзасидан самимий фикр алмашилди. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳамкорлар томонидан юксак баҳоланди ва бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Хавфсизлик, юқори технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Делегациямиз таркибидаги тадбиркорлар Ҳиндистонлик ҳамкорлари билан самарали музокаралар олиб борди, экспорт ва инвестиция бўйича аниқ битимлар имзоланди, келишувларга эришилди.
Ушбу ташриф минтақамиз ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.